Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва суғориладиган ерларда ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширишнинг ҳуқуқий оқибатлари

25/05/2026

Бугунги кунда ер муносабатларини тартибга солиш, ер ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Айниқса, суғориладиган ер майдонларини муҳофаза қилиш, улардан белгиланган мақсадларда фойдаланиш озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда катта аҳамият касб этади. Шу боис, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, суғориладиган ерларда ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш каби ҳуқуқбузарликларга қарши қатъий чоралар кўрилмоқда.

Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш тушунчаси
Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш деганда, фуқаро ёки юридик шахс томонидан тегишли давлат органларининг қарорисиз, ҳужжатларсиз ёки белгиланган тартибни бузган ҳолда ердан фойдаланиши тушунилади. Бундай ҳолатларда шахс ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб олади, девор қуради, иморат тиклайди ёки ундан шахсий манфаатлар йўлида фойдаланади.

Бу каби ҳаракатлар ер тўғрисидаги қонунчилик талабларини қўпол равишда бузиш ҳисобланади. Чунки ер давлат мулки ҳисобланиб, ундан фойдаланиш фақат қонун доирасида амалга оширилиши лозим.
          Суғориладиган ерлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш учун энг муҳим ресурс ҳисобланади. Бундай ерларда ноқонуний қурилиш ишларининг амалга оширилиши қатор салбий оқибатларга олиб келади:

қишлоқ хўжалиги ер майдонларининг қисқариши;

тупроқ унумдорлигининг пасайиши;

ирригация ва мелиорация тизимларининг бузилиши;

экологик мувозанатнинг издан чиқиши;

озиқ-овқат хавфсизлигига хавф туғилиши.

Айниқса, аҳоли сони ортиб бораётган бир вақтда суғориладиган ерларни сақлаб қолиш стратегик аҳамиятга эга ҳисобланади.Ҳуқуқий жавобгарлик масалалари Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва суғориладиган ерларда ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш учун маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида ердан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлар белгиланган. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ер қонунчилигини бузганлик учун жарима чоралари назарда тутилган.
            Агар мазкур ҳаракатлар оғир оқибатларга сабаб бўлса ёки такроран содир этилса, айбдор шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ҳам қўлланилиши мумкин. Суд амалиётида бундай ишлар бўйича ноқонуний қурилмаларни буздириш, ер майдонларини аввалги ҳолатига қайтариш ҳамда етказилган зарарни ундириш чоралари қўлланилмоқда.
          Мазкур турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш учун қуйидаги чораларни кучайтириш муҳим:

       -аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш;
       -ер ажратиш жараёнларида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш;

       -давлат назоратини кучайтириш;

       -кадастр тизимини рақамлаштириш;

       -ҳуқуқбузарларга нисбатан муқаррар жавобгарликни таъминлаш.
           Ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ва суғориладиган ерларда ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш жамият ва давлат манфаатларига жиддий зарар етказувчи ҳуқуқбузарликлардан ҳисобланади. Ер ресурсларини асраш, улардан қонун асосида фойдаланиш ва келажак авлод учун сақлаб қолиш ҳар бир фуқаронинг муҳим бурчидир. Шу боис, бу каби қонунбузилишларга қарши муросасиз курашиш ва қонун устуворлигини таъминлаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

          Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2291-моддаси, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш билан жавобгарлик белгиланган бўлиб, ушбу модданинг 1-қисмида ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, шу жумладан ушбу ер участкаларига нисбатан қонуний ҳуқуқлари мавжуд бўлмаган ҳолда улардан фойдаланиш, худди шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

          Ушбу модданинг 2-қисмида, суғориладиган ер участкаларини уларда қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг тўрт юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

            Ушбу модданинг 3-қисмида, биринчи марта жиноят содир этган шахсга нисбатан, агар у ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф этса, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

 

 

Жиноят ишлари бўйича

Денов туман судининг судьяси                                                    Б.Диёров